3-савол: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида ўтирган эдик...» ҳадисини тўлиқ зикр қилинг ва баъзи фойдаларини айтиб беринг!

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида ўтирган эдик. Бир пайт кийимлари оппоқ, соч-соқоли қоп-қора, устида сафар аломати кўринмаётган (кийимларига гард қўнмаганки, узоқдан сафар қилиб келибди, десак) ва биронтамиз ҳам уни танимайдиган бир киши тўсатдан кириб келди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб ўтирди, икки тиззасини (Расулуллоҳнинг) тиззаларига тиради (юзма-юз, бақамти бўлиб ўтириб олди), икки қўлини (ўзининг) сони устига қўйиб, «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер»-, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом – «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва албатта, Муҳаммад Унинг элчисидир»-, деб гувоҳлик беришинг, намоз ўқишинг, закотни беришинг, Рамазон (ойи) рўзасини тутишинг ва йўлига қодир бўлсанг Байтга (Каъбага) ҳаж қилиб боришинг», дедилар. У: «Тўғри айтдинг»-, деди. Унинг ишидан ажабландик: ўзи сўраб, (жавобни) ўзи тасдиқлаяпти. Кейин: «Менга иймон ҳақида хабар бер»-, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Иймон) Аллоҳга, Унинг малоика-фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва қадарнинг яхшию ёмонига иймон келтиришинг»-, дедилар. У (одам): «Тўғри айтдинг»-, деб, кейин «Энди эҳсон ҳақида хабар бер»-, деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Эҳсон) Аллоҳга Уни кўриб тургандек ибодат қилишинг. Агар Уни кўрмасанг, У сени кўради (биринчи ҳолатдагидек ибодат қила олмасанг, унда иккинчи ҳолатдагидек – Аллоҳ сени кўриб турганини ҳис қилиб, Унга ибодат қилишинг)»-, дедилар. У (савол беришда давом этиб): «Қиёмат (қачон бўлиши) ҳақида хабар бер»-, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У ҳақида сўралувчи сўровчидан илмлироқ эмас (сен унинг қачон бўлишини билмаганингдек, мен ҳам бу ҳақида ҳеч нарса билмайман)»-, дедилар. У: «Унда унинг аломатлари ҳақида хабар бер»-, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Аломатлари) чўри ўз бекасини туғиши (фарзанд улғайиб ўз онасига худди чўрисидек муомала қилиши), ялангоёқ, яланғоч, қашшоқ, (олдин) қўй боқиб юрган кишилар баланд-баланд бинолар қуришда ўзаро мусобақага киришиши»-, дедилар. Кейин у одам кетди. Бир муддат жим туриб қолдик. Кейин (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй Умар, бу савол берувчи кимлигини биласанми?»-, дедилар. «Аллоҳ ва Расули билгувчироқ»-, деб жавоб бердим. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «У Жибрил. Сизларга динингизни ўргатиш учун келган эди»-, деб айтдилар» Муслим ривояти.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1: Исломдаги беш рукннинг зикри, улар:

– Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг элчиси”-, деб гувоҳлик бериш,

– намозни барпо этиш (ўз вақтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатганларидай ўқиш),

– закот бериш,

– Рамазон (ойи) рўзасини тутиш

– Байтга (Каъбага) ҳаж қилиб бориш,

2: Олти иймон арконларининг зикри, улар:

– Аллоҳга иймон келтириш

– фаришталарига

– китобларига

– пайғамбарларига

– Қиёмат кунига

– Тақдирнинг яхшию ёмонига

3: Эҳсон рукнларининг зикри ва у битта рукндир. У ҳам бўлса, Аллоҳ таолони кўриб тургандай ёки у зот мени кўриб турибди деб ибодат қилиш.

4: Қиёмат соати қачон эканлигин Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмаслиги.

Тўртинчи ҳадис