Жавоб: Ҳумаза сураси ва тафсири:
«Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи билан бошлайман.
Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига «вайл» бўлсин. У мол жамлади ва уни санаб турди. Моли, албатта, уни абадий қолдирур, деб ҳисоблар. Йўқ! Албатта у «ҳутома»га хор-зор этиб ташланар. «Ҳутома» қандоқ нарса эканини сенга нима билдирар? У Аллоҳнинг шиддатли, ўчмас оловидир. Қалбгача етиб борадир. Албатта, у уларнинг устидан қоплангандир. Узун-узун устунларга боғлангандирлар» [Ҳумаза сураси: 1-9].
Тафсир:
1-{ وَيۡلٞ لِّكُلِّ هُمَزَةٖ لُّمَزَةٍ }
Барча кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгай.
2-{ ٱلَّذِي جَمَعَ مَالٗا وَعَدَّدَهُۥ }
У фақат мол тўплаган ва ўша мол-дунёни ҳисоб-китоб қилиб, бирон савобли ишга сарфламасдан юрган кимсадир.
{ يَحۡسَبُ أَنَّ مَالَهُۥٓ أَخۡلَدَهُۥ }
У топган мол-дунёси ўзини мангу ўлмайдиган қилиб қўяди, деб ўйлаб юрган кимсадир.
4-{ كَلَّاۖ لَيُنۢبَذَنَّ فِي ٱلۡحُطَمَةِ }
Иш бу жоҳил ўйлагандай эмас. албатта, у чилпарчин қилгувчи дўзах оловига ташланур! У олов кучлилигидан унга нима ирғитилса, чилпарчин қилиб ташлайди.
5-{ وَمَآ أَدۡرَىٰكَ مَا ٱلۡحُطَمَةُ }
Эй Пайғамбар, чилпарчин қилгувчи олов нима эканлигини сен қаердан билар эдинг?!
6-{ نَارُ ٱللَّهِ ٱلۡمُوقَدَةُ }
У Аллоҳнинг ёқиб қўйилган бир оловидирки,
7-{ ٱلَّتِي تَطَّلِعُ عَلَى ٱلۡأَفۡـِٔدَةِ }
Ўз алангаси билан баданларни тешиб ўтиб, юракларга қадар етур!
8-{ إِنَّهَا عَلَيۡهِم مُّؤۡصَدَةٞ }
Албатта, дўзах кофирларнинг устида қопланиб қулфлангандир (яъни, на улар жаҳаннам қаъридан қутулиб чиқа олурлар ва на улар нафас олишлари учун бир ютум тоза ҳаво қилур!)
9-{ فِي عَمَدٖ مُّمَدَّدَةِۭ }
(У кофирлар жаҳаннамда) узундан-узун устунлар билан қулфланиб қўйилган ҳолларида бўлурлар. Ундан улар чиқмаслар.