10-савол: Маъун сурасини ўқинг ва тафсирланг!

Жавоб: Маъун сураси ва тафсири:

«Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи билан бошлайман.

Жазо кунини ёлғонга чиқарувчини кўрдингми? Ана ўша, етимни қўполлик билан ҳайдайдир Ва мискинларга таом беришга қизиқтирмайдир. «Намозхонлар»га вайл бўлсин. Улар ўз намозларини унитувчилардир. Ана ўшалар риё қиладиганлардир. Ва маъунни ман қиладиганлардир» [Маъун сураси: 1-7].

Тафсир:

1-{ أَرَءَيۡتَ ٱلَّذِي يُكَذِّبُ بِٱلدِّينِ }

Динни Охиратдаги жазони ёлғон, дейдиган кимсанинг қандай кимса эканлигини кўрдингизми, билдингизми?

2-{ فَذَٰلِكَ ٱلَّذِي يَدُعُّ ٱلۡيَتِيمَ }

Бас, бу етим-есирни қўполлик билан ҳайдаб соладиган,

3-{ وَلَا يَحُضُّ عَلَىٰ طَعَامِ ٱلۡمِسۡكِينِ }

Ва ўзини ҳам, бошқа кишиларни ҳам, мискин-бечорага таом беришга тарғиб қилмайдиган кимсадир.

4-{ فَوَيۡلٞ لِّلۡمُصَلِّينَ }

Бас, «намозхон»ларга ҳалокат ва азоб бўлгайки,

5-{ ٱلَّذِينَ هُمۡ عَن صَلَاتِهِمۡ سَاهُونَ }

Яъни улар намозларини унутиб қўядиган, ва намозларини эплаб-сеплаб ўқийдиган кимсалардир. Улар намозларига эътибор бермаганларидан вақти ўтиб кетгач ўқийдилар. (Булар кечиктириб ўқигани учун ва эътиборсиз ҳолда ўқигани учун дуойибатга йўлиқмоқдалар, энди умуман ўқимайдиганларнинг аҳволи не экан?! Аллоҳ барчамизни намозига эътибор берадиганлардан қилсин!)

6-{ ٱلَّذِينَ هُمۡ يُرَآءُونَ }

Улар риёкорлик билан намоз ўқийдилар ва бошқа яхши амалларини ҳам кўр-кўрона одамлар учун қиладилар. Амалларида Аллоҳнинг юзини истамайдилар, холис эмаслар.

7-{ وَيَمۡنَعُونَ ٱلۡمَاعُونَ }

Ва рўзғор буюмларини ҳам кишилардан манъ қиладиган, яъни, бирон кишига фойдалари тегмайдиган кимсалардир!