15 -савол: Иймоннинг рукнлари нечта ва уларнинг таърифи қандай?

Жавоб: Иймоннинг биринчи рукни Аллоҳга иймон келтириш. Ва бу қисмда қуйидагиларга иймон келтиришимиз лозим:

1: Аллоҳ таолонинг яратишлиги, ризқ беришлиги, барча махлуқотларнинг эгаси ва уларнинг бошқарувчиси эканлигига иймон келтириш.

2: Аллоҳнинг ёлғиз ўзи ибодатга тотиқли зот эканлигига иймон келтириш.

3: Аллоҳ таоло энг буюк ва катта зот эканлигига, барча ҳамду сано унинг ўзигагина лойиқ эканлигига, Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва олий сифатлари борлигига, унга тенг келадиган ҳеч ким йўқлиги ҳамда унга ҳеч ким ўхшамаслигига иймон келтириш.

Иймоннинг иккинчи рукни: Фаришталарга иймон келтириш

У фаришталар Аллоҳнинг нурдан яратган мавжудотлари бўлиб, уларни фақатгина ўзига ибодат қилишлари ва буйруқларига батамом итоат қилишликлари учун яратгандир.

Фаришталарнинг энг улуғи бу пайғамбарларга ваҳийни нозил қилган Жабройил алайҳиссаломдир.

Учинчи рукн: Китобларга иймон келтириш.

Китоблардан мурод шуки, улар Аллоҳ таоло томонидан пайғамбарларга нозил қилинган самовий китоблар.

Масалан, Қуръони карим Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга туширилган.

Инжил Исо алайҳиссаломга туширилган.

Таврот Мусо алайҳиссаломга туширилган.

Забур Довуд алайҳиссаломга туширилган.

Иброҳим ва Мусо саҳифалари эса ўша икки пайғамбарларга туширилган.

Тўртинчи рукн: Пайғамбарларга иймон келтириш.

Пайғамбарлар Аллоҳ таоло томонидан инсонларга таълим берадиган, уларга яхши амаллар бажарувчи инсонларга хушхабар берадиган ва гуноҳ, маъсият эгаларига эса дўзах оловини эслатадиган қилиб юборилган кишилардир.

Уларнинг энг афзаллари сабот-матонат эгаларидир. Улар:

Нуҳ алайҳиссалом

Иброҳим алайҳиссалом,

Мусо алайҳиссалом,

Исо алайҳиссалом

ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Бешинчи рукн: Охират кунига иймон келтириш.

Охират куни ўлимдан кейин қабрда бошланадиган сўнгра инсонлар ҳисоб-китоб бўлиб жаннат аҳли жаннатга, жаҳаннам аҳли эса жаҳаннамга жойлашадиган қиёмат кунидир.

Олтинчи рукн: Қадарнинг яхшилиги ва ёмонлигига иймон келтириш.

Қадар бу коинотдаги содир бўлган, бўлаётган ва бўлиши керак бўлган барча нарсалар Аллоҳнинг илми билан бўлиши, у нарсаларнинг содир бўлишлигини лавҳул маҳфузда ёзиб қўйганлиги ва барча нарса унинг хоҳиши билан бўлишлигини эътиқод қилиш.

Аллоҳ таоло айтди: «Албатта, Биз ҳар нарсани ўлчов билан яратдик». [Қомар сураси : 49]

Қадарга иймон келтириш тўрт босқичдан иборатдир:

Биринчиси: Аллоҳ таоло тақдиримизда содир бўлган барча нарсаларни аввалдан ўзининг азалий илми билан билишлиги ва барча нарсаларни содир бўлишидан аввал ҳам, кейин ҳам билишлигини эътиқод қилишлик.

Бунинг далили: «Албатта, соат (қиёмат) илми ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Ёмғирни У ёғдирур. Бачадонлардаги нарсани ҳам У билур. Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ ўта билгувчи ва ўта хабардордир». [Луқмон сураси : 34]

Иккинчиси: Аллоҳ содир бўлган ва содир бўладиган барча воқеа ҳодисаларни Лавҳул-Маҳфузда битиб қўйган бўлиб, буларнинг барчаси унинг ҳузурида китобда эканлигини эътиқод қилишлик.

Бунинг далили: «Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг (шохидан узилиб) тушмас, магар У билур. Ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта, Очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) мавжуддир» [Анъом сураси : 59]

Учинчиси: Қадарда содир бўлган барча нарсалар Аллоҳнинг иродаси билан бўлганлигини ва унинг иродасисиз ҳеч нарса бўлмаслигини эътиқод қилишлик.

Бунинг далили: «Сизларнинг орангиздаги Тўғри Йўлда бўлмоқни хоҳлаган кишилар учун (бир эслатмадир). Сизлар фақат бутун оламлар Роббиси бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина (Тўғри Йўлда бўлишни) хоҳларсизлар». [Таквир сураси : 28,29]

Тўртинчиси: Коинотимизда мавжуд бўлган барча нарсаларни Аллоҳ яратганлигига, уларнинг зотларини ҳам, сифатлари ва ҳаракатларини ҳам Аллоҳ яратганлигини эътиқод қилишлик.

Бунинг далили: «Ҳолбуки, сизларни ҳам, қилиб олган бутларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!». [Соффат сураси : 96]